Оқдарё туман ҳокими Ф.Абиловнинг 2019 йил 16 март куни туманда Наврўз – умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда сўзлаган маърузаси

Оқдарё туман ҳокими Ф.Абиловнинг 2019 йил 16 март куни туманда Наврўз – умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда сўзлаган маърузаси

Ҳурматли ва азиз тумандошлар!

Кўклам нафаси кўнгилларимизда беғубор ҳис-туйғулар уйғотаётган ушбу қутлуғ кунларда, барчамиз тинч ва осойишта, юртимизнинг яна бир қадимий шодиёнаси – Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кутиб олмоқдамиз. Авваломбор барчаю барчангизни ана шу улуғ байрам билан самимий муборакбод этаман, Наврўзи айёмингиз қутлуғ бўлсин! Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Наврўз ҳар бир маҳалла ва қишлоқда сайил сифатида байрам қилиниши белгилангани унинг қадим илдизларини янада мустаҳкамлади. Бу йил ҳам байрамга ҳозирлик кўришда ҳар бир ҳудуд, қишлоқ ва маҳалланинг ўзига хос анъана ва урф-одатлари эътиборга олинаётгани унинг қадрини янада оширмоқда. Қадимий маданиятимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган доимий эътибор туфайли аждодларимиздан мерос урф-одатлар, халқ ўйинлари Наврўз дастурига киритилиши бу байрамни янада гўзал сайилга айлантирмоқда. Наврўз – азалий миллий қадриятлар тимсоли, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи ҳисобланади. Ушбу байрам халқимизнинг бағрикенглик, яхшилик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатларини ўзида намоён этади. Юртимизга баҳор фасли кириб келиши билан ҳар йили барчамиз учун суюкли бўлган онажонларимиз, опа-сингилларимиз ва хотин-қизларимизнинг муборак байрамини тантанали равишда нишонлаймиз. Негаки, ҳозирги кунда хотин-қизларимиз жамиятимизнинг барча жабҳаларида фаолият кўрсатишиб, туманимиз, қолверса, жонажон Ўзбекистонимизнинг тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Президенти томонидан мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, туманимиздаги
45-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Мадина Қаноатованинг Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлиги барчамизни беҳад қувонтирди.

Азиз тумандошлар!

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган қарорда эътироф этилганидек, “Азал – азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди”.

Бу кунда тун билан кун тенглашиб, деҳқончилик, зироатчилик, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига киришилади. Маҳалла-куй, қўни-қўшни бирлашиб, кўчалар, хиёбонлар тартибга келтирилади, беморлар, кўмакка муҳтож инсонлар холидан хабар олинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Наврўзнинг уч минг йиллик тарихи ва у бизнинг ўлкамизда пайдо бўлганлиги илмий жиҳатдан исботланган. Абу Райҳон Беруний, Абу Мансур Соалибий, Жоҳиз Басрий, Умар Ҳайёмларнинг тарихий, илмий ва адабий асарларида Наврўзнинг келиб чиқиши, унинг ўзига хос қадимий маросимлари тўғрисида қизиқарли маълумотлари мавжуд. Бу қадимий айём Шарқ халқлари, турли миллат ва элатлар томонидан тан олиниб, дунё тамаддунида ўз салоҳиятига эга эканлиги, у асрлар оша зукко халқимиз томонидан улуғланиб келинаётгани, одамлар тафаккури ва ҳаётида бебаҳо қадрият сифатида абадий муҳрлангани қалбимизга олам-олам қувонч ва ифтихор бағишлайди.

Ҳурматли ва қадрли юртдошлар!

Туманимиздаги ҳар бир хонадонга тотувлик, дастурхонларимизга қут-барака, қалбларга юксак инсоний туйғуларни улашгувчи, халқимизни жипс ва мурувватли бўлишга, кексаларни эъзозлашга, муҳтож ва кўнгли яримларга кўмак беришга, ўртадаги гина-кудуратларни унутишга даъват этувчи Наврўзи олам дилларга шодлик бағишлаган ҳолда кўклам нафаси уфуриб турган дилбар фаслда она табиат билан янада яқинроқ ва уйғун яшашга чорлайди.

Наврўзи айём барчангизга қутлуғ бўлсин, азиз тумандошлар!

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM