Тарихий-маданий обидалар

                                                        Тарихий обидалар бебаҳо бойлигимиз

Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга

мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 49-модда.

Президентимиз раҳнамолигида миллий маданиятимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, юртимиздаги тарихий обида ва ёдгорликларни қайта тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодларга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Андижон вилоятида маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 371 тарихий ва маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Улардан 114 таси археологик, 66 таси меъморий ёдгорликлар бўлса, 117 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари – ҳайкаллар ва 74 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. 

– Мавжуд тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш ишлари махсус дастур асосида олиб борилмоқда, – дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси Андижон вилояти бўлими етакчи мутахассиси Дилшодбек Юсупов. – Айни пайтга қадар мутахассислар иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари, ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Бунда кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. 40 дан зиёд тарихий ёдгорликларнинг кадастр ҳужжатлари, 60 га яқин объектнинг паспорти тайёрланди. Шу кунларда халқаро лойиҳа асосида мамлакатимиз ва хорижлик тарихчи олимлар, археологлар ҳамкорлигида Марҳамат туманидаги Мингтепа ёдгорликларида қазилма ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 

– Халқимизнинг қадимий тарихидан сўзлайдиган ноёб ёдгорликларни асраш, ўрганиш, тадқиқ этиш ва келажак авлодларга етказиш ғоят муҳим вазифа, – дейди тарихчи Обиджон Маҳмудов. – Мингтепа харобаларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқот ишлари мазкур ҳудуд ва халқимиз тарихига оид янги ашё ва маълумотлар олиш имконини бермоқда. Бу юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирган ва келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи бундай археологик ёдгорликларни, тарихий-маданий обидаларни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.