Учрашувлар давомида ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда

Учрашувлар давомида ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда

 

Оқдарё туманида ёшлар муаммоларини аниқлаш ҳамда улар билан манзилли ишлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган ёшлар билан учрашувлардан ҳам ана шу мақсад кўзланган бўлиб, учрашувлар давомида ёшлар мурожаатлари тингланмоқда ва ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

“Мустақиллик” маҳалласидаги  14-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган учрашувда туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов, тегишли кохона ва ташкилот, банк раҳбарлари ҳамда тумандаги “Мустақиллик” ва “Наврўз” маҳаллаларидан келган ёшлар иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, туманда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, ёшларнинг аксарияти ер олиш истагида мурожаат қилдилар. Билдирилган мурожаатларга мувофиқ ҳар бир ёшга ўзи яшаб турган уй манзилига бевосита яқин ҳудуддаги фермер хўжаликларидан шартнома асосида ер ажратиб берилиши белгиланди. Қайд этиш лозимки, мазкур ҳолатларда ажратиладиган ер майдони ҳажми талабгор ёшларнинг хоҳиши, оилавий вазиятига кўра 25 сотихдан 0,5 гектарга қадар этиб белгиланмоқда.

Ўтказилган қабул якунига қадар 10 нафар ёшлар томонидан ер масаласида, 10 нафар ёшлар томонидан кредит ва бандлик масаласида мурожаат билдирилган бўлса, турли масалалар юзасидан мурожаат қилган яна 4 та ёшга ҳуқуқий тушунча берилди. Шунингдек, тадбирдан сўнг 10 нафар ёшларга деҳқончилик қилиш учун 25 сотихдан ер ажратиб берилди.

Таъкидлаш керакки, бу каби учрашувлар тасдиқланган график асосида тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам бўлиб ўтади.

 

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM