Аҳоли эҳтиёжи учун 19 минг 663 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш ҳисоб-китоб қилинди

Аҳоли эҳтиёжи учун 19 минг 663 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш ҳисоб-китоб қилинди

Бугун Оқдарё тумани ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг Мудофа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Боқиев, секторлар раҳбарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар, сиёсий партиялар, туман кенгаши депутатлари ҳамда ОАВ, журналист ва блогерлар қатнашди.

Сессия кун тартибига кўра, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ҳудудларни муайян экспортбоп мева турларига ихтисослаштирилган плантация усулида янги интенсив боғ барпо этиш учун яхлит бир ҳудуддан ер ажратиш, аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб - қувватлаш ва айримларини камбағалликдан чиқариш чораларига оид масалалар ҳам муҳокама этилди.

Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари мавзуида видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Унда ҳудудларда 2020/2021 йиллар қиш ва баҳор ойлари учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захирага жамғариш юзасидан топшириқлар белгиланган.

Сессияда бу борада амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, истиқболда турган вазифалар юзасидан туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов ва сектор раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, туманда 2021 йил май ойига қадар аҳоли эҳтиёжи учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш ва ойма-ой бозорга чиқариш юзасидан туман ҳокимининг 2020 йил 17 октябрдаги 901-Қ-сонли қарори қабул қилиниб, бу ишларни молиялаштириш учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилди.

Шунингдек, тасдиқланган меъёрлар асосида туманнинг бугунги кундаги мавжуд (159 минг) аҳолисининг эхтиёжларидан келиб чиқиб, 2021 йил май ойига қадар талаб этиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ҳамда аҳолига ойма-ой етказиб бериладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори секторлар кесимида тасдиқланди.

Аҳоли эҳтиёжи учун 2021 йил май ойига қадар секторлар кесимида (19 минг 663 тонна) озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича аниқ ҳисоб китоблар амалга оширилди.

Жумладан, гўшт (3380 тонна), картошка (4126 тонна), пиёз (1587 тонна), сабзи (2063 тонна), гуруч (778 тонна), ун (6134 тонна), ўсимлик ёғи (722 тонна), шакар (873 тонна), тухум 17 млн 140 минг дона талаб этилиши ҳисоб китоб қилинди.

Нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида бозорларда мунтазам равишда назоратни кучайтириш ҳамда маҳаллаларда савдо дўконлари ва кичик экобозорлар ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда.

Оқдарё тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, аҳолининг энг юқори истеъмол талаби (эхтиёжи) юқори бўлган 9 турдаги маҳсулотларнинг 7 таси тўлиқ ички имкониятлар ҳисобидан қопланади.

Сессия ишида Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ҳудудларни муайян экспортбоп мева турларига ихтисослаштирилган плантация усулида янги интенсив боғ барпо этиш учун яхлит бир ҳудуддан ер ажратиш тўғрисида туман ҳокими ўринбосари Ш.Абдуллаевнинг ҳисоботи, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ю.Ўроқованинг ҳисоботи ҳамда туманда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг айримларини камбағаллик рўйхатидан чиқариш тўғрисида туман секторлари раҳбарлари (Н.Сулаймонов, Д.Кубаев, Б.Ибрагимов, Ж.Ядгаров) нинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

      Сессияда кун тартибидаги масалалар депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, масалалар юзасидан тегишли қарор лойиҳалари қабул қилинди.

 

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM