Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи Кабира

                 Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи Кабира

 

         Аллоҳ таоло одамзотни азизу мукаррам қилиб, яратган. Унинг шаънини улуғлаб ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилиш харом қилинган Қуръони каримда Аллоҳ марҳамат қилиб, айтганки;                                                                

      "Дарҳақиқат (биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик. Ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик." (Исро сураси 70 оят) .  

       Динимиз  таълимотида, хусусан Қуръони карим, ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида инсоннинг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Собит Ибн Зоҳхок (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайгамбаримиз (С.А.В) шундай деганлар: «Ким бу дунёда, ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда унга ўша нарса билан азоб берилади » ( Имом Бухорий ривояти). Инсон борки унинг бошига турли хил мусибат ва муаммаолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мўмин-мусулмон инсоннинг ишидур. Бирор синов келса осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солиб дод фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш имоннинг заифлигидир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг Буюк азобу уқубатларни бошланишидур.

         Жундаб ибн Абдуллоҳ (р.а)ривоят қилишича Набий саллаллоҳу алайхи вассалам шундай деганлар, «Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан қўлига пичоқ олиб, яралаган қўлини кесди. Натижада у кўп қон йўқотиб вафот этди.» Шунда Аллоҳ таоло «Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий харом қилдим»,  деди. (Имом Бухорий  ва Имом Муслим ривояти)                                                                                    

    Ушбу ҳадиси Қудсий мазмунига кўра, ўзини ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан.     Ўз жонига қасд қилиш Ислом шариатидақкоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса, киши ўз хешу ақробаларини ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.

          Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар, савобли ишлар билан ўтказиб, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл заковат билан ҳал қилайлик. Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфиратидан доимо умидвор бўлиб, тоза қалбли ҳақиқий иймону эътиқодли бўлишликни Аллоҳ таолонинг  берган неъматларига шукур, синов учун берилган мусибатларига сабр қилиб яшашликни Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.

         Рустамхон Эргашев,  «ҚУМ» жоме масжиди имом хатиби       

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM