Самарқанд вилоятининг “қизил” ҳудудларида эълон қилинган енгилликдан афсуски айрим фуқаролар фойдаланиб қолишга уринишмоқда

Самарқанд вилоятининг “қизил” ҳудудларида эълон қилинган енгилликдан афсуски айрим фуқаролар фойдаланиб қолишга уринишмоқда

    07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача ҳеч бир мақсадсиз, шунчаки сайр қилишга чиқиб, уни тўхтатган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мақсадли юрганини асослаб бера олмай, қўшимчасига тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб, гўёки ўзини “оқлаб кўрсатиб”, вилоят раҳбарини рўкач қилиб, вазиятдан чиқиб кетишга уринаётганлар ҳам топилмоқда.

   Вилоят махсус комиссияси қарорини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

   Мақсадсиз юрибсизми қонун доирасида жаримага тортиласиз! 

    Марҳамат фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) иш жойига бориб-келиш, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун чиқинг, ҳеч кимнинг сизга эътирози йўқ, бироқ вазиятдан қўштирноқ ичида фойдаланиб қолманг. 
   Енгиллик берилди дегани бу сизни ҳеч ким тўхтатмайди, ҳужжатингизни текширмайди дегани эмас!

ЙПХ ва ППХ ходимлари ҳайдовчи ва фуқароларни нима мақсадда юрганлигини текшириш ваколатига эга. Ҳурматли айрим фуқаролардан яна бир бор ушбу енгилликларни нотўғри талқин қилмасликларини сўрайман. Белгиланган чекловларга тўлиқ ва аниқ, оғишмай амал қилсак ҳолатимиз янада енгиллашиб бораверади.

Ҳамма болаларини боғча, мактабларга, истироҳат боғларига олиб боришни, кўчаларда сайр қилишни, тўй қилишни, талабалар таълим олишни, шифокорлар уйга боришни кутишаяпти. Касалликни тезроқ енгишга барчамиз бирлашиб ҳаракат қилайлик.

Биргина ички ишлар органларига бу чекловларни таъминлаш оғир. 

Ҳурматли журналист ва блогерларимиздан асл ҳолатлар асосли ва холис ўрганилмай ҳар қандай маълумотларни тармоқларга қолдирмасликларини, бу борада тарғибот ва чақириқларни кучайтиришларини илтимос қиламан. 

          Жаҳонгир Сагдуллаев,   Самарқанд вилояти ИИБ матбуот котиби 
 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM