Расмий муносабат:

Расмий муносабат: Мурожаатлар асосли бўлмоғи лозим ёхуд “Адолат.”Хақиқатда” телеграм каналининг ҳақиқатга тўғри келмайдиган мурожаати хусусида

 

Яқинда Оқдарё тумани Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро “блогер” Зафар Ачилов томонидан ўзининг “Адолат.”Хақиқатда” (“Хақиқатда” сўзини нотўғри ёзибсиз, юмшоқ “Ҳ” бўлади деб ўйлаётган бўлсангиз, канал номи қандай ёзилган бўлса шундай кўрсатяпмиз. Чунки ўзини ҳамиша ҳақ деб билувчи блогерларнинг айтганлари ва ёзганлари ҳамма вақт ҳам тўғри бўлавермайдида.) телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси Президентига йўлланган ўзининг мурожаатини эълон қилди. Мазкур мурожаатда фуқаро З.Ачилов  Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратов фуқароларни ҳафтада бир кун, жума куни қабул қилаётганлиги, бошқа кунлари қабул қилмаётганлиги, ҳокимлик биносига киришда ўрнатилган тартибга эътирози,  Ш.Қудратов ҳоким бўлгандан буён туманда ривожланиш йўқлиги, лойиҳалар ўз вақтида бажарилмаётганлиги ва бу масала назоратсиз эканлиги учун Президентдан Оқдарё туманига эътибор қаратишни сўраб, ўз норозилигини билдирган.

Фуқаро З.Ачиловнинг навбатдаги (бунга қадар ҳам Республика Президенти, вазирликлар ҳамда юқори ташкилотларга 87 маротаба шикоят хатлари билан мурожаат қилган) танқидий-норози руҳдаги мазкур мурожаатида бир эмас, бир неча масаладаги эътирозларига бандма-банд муносабат бериб ўтамиз.

Биринчи масала, фуқароларни қабул қилиш масаласи бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз: Оқдарё туман ҳокимининг фаолияти маълум бир тартибда, яъни ҳафталик иш режаси асосида олиб борилади. Ҳафтанинг ҳар жума Оқдарё туман ҳокимининг оммавий қабул куни этиб белгиланган ва ушбу кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси биносида ҳоким қабули ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари қабул қилиб келинмоқда. Бундан ташқари, ҳудудларда, маҳаллаларда “Сайёр қабул”, “Тадбиркорлар қабули”, “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ва ҳаттоки, хориждаги фуқароларимиз мурожаатларини эшитиш учун ҳокимликнинг телеграм тармоқдаги расмий канали орқали онлайн мулоқотлар ўтказилиб келинмоқда. Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари томонидан белгиланган тартибда ҳар бири ўринбосар алоҳида ҳафтада бир кун соат 9:00 дан 12:00 гача жисмоний ва юридик шахслар ва уларнинг вакилларини қабул қилиб келишмоқда. Жисмоний ва юридик шахслар туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтидаги виртуал қабулхонаси, телеграм каналида туман ҳокимига мурожаат қилиш учун махсус бот орқали ҳамда ҳокимликнинг умумий бўлимига ёзма, оғзаки ва электрон тартибда ўз мурожаатларини йўллаб келишмоқда. Шу вақтга қадар бу масалада ҳеч бир фуқародан эътирозлар бўлмаган ва унутмаслигимиз керакки, туман ҳокими фуқаро З.Ачилов талаб қилаётганидек, фуқароларни ҳар куни қабул қила олмайди. Чунки ҳоким ҳафталик иш режасидаги бошқа вазифаларни ҳам бажаришга улгуриши зарурдир.

Иккинчи масасла, яъний ҳокимлик биносига кириш эшикларининг алоҳидалиги масаласи. Фуқароларга қулайлик, енгиллик яратиш ҳокимлик биносининг асосий кириш қисмидан ташқари фуқаролар ва ходимлар учун алоҳида кириш эшиклари ва навбатчилик қисмлари ташкил этилган. Бу тартиб ҳеч кимга муаммо туғдиргани йўқ, аксинча, фуқароларимиз навбатчилик кириш қисмида навбатчи масъул ходимга учрашиб, навбатчи ёрдамида ўзларига зарур бўлган масъул ходим билан ортиқча оворагарчиликсиз тезроқ учрашиш имконига эга бўлишмоқда.

Ва ниҳоят учинчи масала, амалдаги ҳоким даврида туманда ривожланиш сусайганлиги, лойиҳаларни ўз вақтида бажарилмаслиги, назоратсизлиги масаласи. Фуқаро З.Ачиловнинг ушбу масалада аниқ бир мисол келтирмасдан, умумий ва мавҳум тарзда гапирганлиги сабабли унинг ушбу эътирозларини мутлақо асоссиз фикрлардан иборат шахсий қарашлари деб ҳисоблаймиз. Ваҳолангки, сўнги йилларда туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳада ўзига яраша ўзгаришлар, янгиликлар, ривожланишлар юзага келиб, туман ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан борган сари юқорига одимламоқда. Туманимздаги ижобий ўзгаришларни ёш бола ҳам кўриб, гувоҳи бўлиб, ҳис этиб, ижобий эътироф этиши шубҳасиздир. Фикримизнинг исботи тарзда айтадиган бўлсак, биргина ўтган 2023 йил мобайнида туманда умумий қиймати 85,3 миллион АҚШ долларлик 84 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, 1088 та янги иш ўринлари яратилди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, фуқаро З.Ачиловнинг аксарият фикрлари мутлақо асоссиз ва бошқа мақсадларни кўзлаб айтилган гаплардир. Чунки, аввалллари ҳам З.Ачилов томонидан ҳоким ва ташкилот раҳбарларига босим ўтказиш, ўз манфаати йўлидаги талабларини бажартириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орақали бир неча бор чиқишлар қилинган. Унинг асоссиз ва бўҳтон гапларидан иборат мазкур мурожаатини телеграм тармоғи орқали эълон қилиб, оммага тарқатиши Оқдарё туман ҳокими Ш.Қудратовни обрусизлантиришга, туман аҳолисида ҳокимга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотишга қаратилган хатти-ҳаракат деб баҳолашимизни маълум қиламиз.

 

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM