Оқдарё тумани "ШЕЪРЮРАКЛАР" шеърият дуэлининг ғолиби Наврўз ХАСАНОВ:

Оқдарё тумани "ШЕЪРЮРАКЛАР" шеърият дуэлининг ғолиби Наврўз ХАСАНОВ:

Мен дўстим Фарходдан кўп марта болалик пайтимиздаги ”Ўқиш китоби”ни топиб беришини илтимос қилганман. У болаликка оид  хотираларни йиғишимни биларди-ю, лекин нега бунча бу китобни сўраганимни сўрарди. Шунда менинг ҳикоям бошланганди: Ўша “Ўқиш китоби”да “Номаълум боланинг қабри” деб номланган бир ҳикоя бор эди. Ҳикоя мазмуни эсимда борича шундай эди..

  Немис журналисти   уруш ветерани олдига интервъю олиш учун йўл олди.Уруш ветерани  уйи ёнидаги қабристоннинг олдидан ўтаётганда “Номаълум бола”, деб ёзилган қабр тошига кўзи тушди. Ветераннинг уйига келгач, бир оз суҳбатдан сўнг қизиқиб қабр  ҳақида сўради. Шунда ветеран кампир сўзлаб берди.

Ҳа, биз ўша ерда эдик. Пана- паналарда томоша учун бутун овул шу ерда эди. Фашистлар 12 яшар айғоқчи болани тутиб судраб олиб келишди. Немис капитани сўроққа тута бошлади.

-Кимсан? Исминг нима? - ва совет қўшинининг маълумотлари ҳақида сўроқ қила бошлади. Бола сир бермагач, қийноқни кучайтирди. Куракларига тушаётган зарбалардан, қон оқаётган қошларидаги оғириқларга қарамасдан, ҳеч нарса демаслигини билдирди. Қийноқ давом этди. Ҳолдан тойгач, яна сўроқ қила бошлади.

-Кимсан? Командиринг ким?-  қийноқлардан чарчаган бола охири ҳайқира кетди ва унинг  сўзлари анча вақтгача бутун овулнинг хотирасини ларзага солиб турди.

-Ҳа, ҳа, мен ўша 15 та немис капитанини ўлдирган, 6 та немис танкини портлатган, 30 та  немис аскарини бўғизлаган, мен ўша совет боласиман!! Ҳа, ҳа, мен ўша!...  Шундан сўнг немис капитани чидаб туролмади, болани отиб ташлади. Бу воқеани овул анчагача эслаб юрди..

Кампир ҳикоясини тугатгач немис журналисти уйидан чиқди, номаълум боланинг қабри олдидан ўтар экан, немис бўлгани ҳолда қабрга чест берди.  Қулоғи остида янграётган ўша сўзлар уни анчагача жим қолиб боришига сабаб бўлди...

  Мен гоҳида иродасизлик қилаётганимни, шарафсиз яшаётганимни сеза бошласам, ўша номаълум бола кўз олдимга келади. Мен ҳам у қилган ишларни қилгим келади: Омилик гуллаб яшнаётган даврда, субутсизлик қадр даражасида қабул қилинаётган пайтда, бир-биримизни сезмай, ҳис қилмай яшаётган ҳолатларда ҳайқиргим келади. Кун келиб ҳайқириш учун шундай ишларни қилгим келади. Ҳа, ҳа мен ўша миллатнинг онгидаги илмсизликларга,  шарафсизликларга қарши тура олган, 10000 дан ортиқ ҳеч ким сезмаган чекка қишлоқлардаги ўз иқтидорини юзага чиқаролмаган, ота-онаси  рўзғор ташвишидан ортиб китоб олиб беролмаган, тил ўрганишга пули етмаган болаларнинг орзусини руёбга чиқара олган, ўзидан ҳам ақллироқ одамларни ўз атрофига йиға олган, фақат ўз қишлоғини, ўз кўлмагини “дарё”, деб билган “тилла балиқча”ларни “денгиз”га олиб боролган. Ҳа, ҳа, мен ўша давоси - фақат бировнинг кулгиси, бировнинг бахти бўлган, миллат қайғуси билан хасталанган мен ўша, деб бақиргим келади. Кошки эди қилолсам. Охирида шарафсизлар, ориятсизлар, тафаккурсизлар, зеҳниятсизлар отиб ташласа ҳам майли эди. Бу номаълум бола эди- деса ҳам майли эди...

  Мен эса бугун бир дақиқа, балки ундан ҳам кўпроқ сукут қиларман, балки бу ишларни қилолишимгача сукут бўларман, токи ғалаба хабарини эшитган поезддаги аскарнинг ҳарбий шапкасининг юзига босиб йиғлаганини ҳис қилиб яшамагунча, токи  пойафзал дўконидаги сотувчи урушдан бир оёқсиз қайтган аскарга -Пойафзаллар жуфт сотилади- деганда қўлтиқтаёғига суяниб йиғлаган кўз ёшидаги оғриқни сезмагунча сукут бўларман...

   Тинч осмон учун, мусаффо тонглар учун, ғалаба учун, сизга раҳмат иккинчи жаҳон урушида шаҳид  кетган бобомнинг беш миллион  сафдошлари !!!!                                                                                                       

 Наврўз ҲАСАНОВ

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM