Расмий муносабат: Танловга қўйилиши сўралаётган ер майдонида кутубхона ва музей қурилмоқда

         Расмий муносабат: Танловга қўйилиши сўралаётган ер майдонида кутубхона ва музей қурилмоқда

 

       Жорий йилнинг 9 август куни Kun.uz сайтининг расмий телеграм каналида “Танловдан олинган ер: Оқдарёда тадбиркор 4 йилдан буён кутмоқда, низом бузилган, ҳокимлик ўз даъвосини ўзгартирган” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.

 Ушбу масала Оқдарё туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ҳамда туман бош архитектори Ж.Абдуллаев томонидан ўрганиб чиқилди.

      Аниқланишича, “Biznes Daily” журналининг 23.04.2016 йилдаги 47-сонида Оқдарё тумани, “Бошдархон” МФЙ, “Қирқдархон” қишлоғи ҳудудидаги бўш турган ер майдонида маиший савдо дўконлари қуриш учун танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилган.

    Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 07.10.2015 йилдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Низом талаблари асосида танлов ўтказилган.

     Ушбу танловда фуқаро У.Мансуров ва З.Худоёровлар қатнашганлиги, бироқ Оқдарё тумани, “Бошдархон” МФЙ, “Қирқдархон” қишлоғида яшовчи фуқаро С.Қосимовнинг шикоят қилганлиги сабабли мазкур танлов савдоси кейинга қолдирилиб, танлов комиссиясининг 28.07.2016 йилдаги 6-сонли баённомаси расмийлаштирилган.

     Мазкур шикоят аризасида фуқаро С.Қосимов томонидан ушбу ер майдони ўн йилдан ортиқ вақт давомида ободонлаштириб келганлиги, бу ҳақда Оқдарё тумани, “Бошдархон” маҳалла фуқаролар йиғинининг маълумотномасида кўрсатилганлиги, Оқдарё  туман ҳокимининг 10.06.2004 йилдаги 29-Ф рақамли Фармойишига асосан тузилган комиссия томонидан ер майдонида “Уруш қатнашчилари хотирасини абадийлаштириш учун боғ яратишга ажратилиши” мақсадга мувофиқлиги тўғрисида 07.03.2006 йилда далолатнома тузилганлиги, бироқ ушбу ер майдонини ажратиш тўғрисида туман ҳокими қарори қабул қилинмаганлиги, хотира майдони атрофи унга уй-жой қуриш учун ажратилганлиги, ”Бошдархон” МФЙ раисининг 07.06.2017 йилда берган маълумотномасига кўра, С.Қосимовга Р.Хамроев жамоа хўжалиги “Қирқдархон” қишдоғида уй-жой қуриш учун 0.10 га ер ажратилганлиги, аммо бу ернинг айнан собиқ хўжалик биноси ёнидаги ер эканлиги назарда тутилмаган ва уй-жой қуриш учун ер ажратилганлиги ҳақида қарор мавжуд эмаслиги важ қилинган.

      Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси бошлиғининг 10.02.2017 йилдаги 81-сонли хат орқали туман ҳокимлигига Монументал ёдгорлик жойлашган хотира майдони қисқартирилиб, қайтадан таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши тўғрисида туман ҳокимлиги томонидан таклиф киритилиши тўғрисидаги хати юборилган.

     Фуқаро С.Қосимов томонидан 2017 йилнинг март ойида хотира майдонининг 0,12 га ер майдонини қолдириб, ер майдонининг қолган жойидан туман ҳокимининг ер майдони ажратиш ҳақидаги қарорисиз ноқонуний равишда қурилиш ишларини бошланганлиги сабабли туман ҳокимлиги томонидан фуқаро С.Қосимовга 2017 йил 22 мартда ноқонуний қурилишни тўхтатиш ва ихтиёрий бузиш тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.

      Туман ҳокимлиги томонидан ФИБ Пайариқ туманлараро судига ноқонуний қурилмани бузиш тўғрисида даъво ариза киритилиб, Суднинг жавобгар фуқаро С.Қосимов ҳисобидан 27х11 м ўлчамдаги ноқонуний қуйилган фундаментни буздириш тўғрисида 08.06.2017 йилдаги ҳал қилув қарори қабул қилинган.

     ФИБ Самарқанд вилоят судининг 2017 йил 18 июлдаги ажрими билан ФИБ Пайариқ туманлараро судининг 2017 йил 08 июндаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган ва ижро қилишлик учун МИБ Оқдарё туман бўлимига юборилган.

Суднинг ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этмаганлик учун МИБ Оқдарё туман бўлими томонидан С.Қосимовга нисбатан 5 баравари миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

    Фуқаро С.Қосимов назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилган. Фуқаро С.Қосимовнинг шикояти  назорат тартибида  Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилаётганлиги сабабли ФИБ Пайариқ туманлараро судининг 2017 йил 18 сентябрдаги хати билан ижро ҳаракатлари вақтинчалик тўхтатилган.

     Шундан сўнг, Оқдарё туман ҳокимининг 2017 йил 5 декабрда “Оқдарё туман,“Бошдархон” маҳалласи “Қирқдархон” қишлоғида жойлашган собиқ хотира майдонини реконструкция қилиш ҳамда тарихий музей ва кутубхона бинолари қуришга рухсат бериш тўғрисида”ги 2016-Қ-сонли қарори қабул қилинган ва фуқаро С.Қосимовнинг қурилиш ишларига рухсат берилган.

    Туман ҳокимининг мазкур қарорига асосан Самарқанд вилоят қурилиш Бош бошқармаси томонидан 2018 йил 12 февраль куни 157-сонли “Архитектура Режалаштириш Топшириғи” ишлаб чиқилган ва лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган бўлиб, 10.08.2018 йилдаги вилоят қурилиш Бош бошқармаси ҳузуридаги “Архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши”нинг № 9-сонли йиғилиш баёни билан “Тарихий музей ва кутубхона” бинолари қуриш лойихаси мақулланган. ФИБ Пайариқ туманлараро судининг 2018 йил 07 мартдаги 5-сонли хати орқали МИБ Оқдарё туман бўлимига юборилиб, суднинг 2017 йил 08 июндаги ҳал қилув қарори ижросини давом этириш сўралган.

      Шундан сўнг, ФИБ Пайариқ туманлараро суди 19.04.2018 йилдаги ажрими билан 2017 йил 08 июнда чиқарилган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича ,яьни Оқдарё туман ҳокимининг 05.12.2017 йилдаги “Оқдарё туман, “Бошдархон” маҳалласи “Қирқдархон” қишлоғида жойлашган собиқ хотира майдонини реконструкция қилиш ҳамда тарихий музей ва кутубхона бинолари қуришга рухсат бериш тўғрисидаги 2016-Қ-сонли қарори қабул қилинганлигини ҳисобга олиб бекор қилган.

    Шу билан ФИБ Пайариқ туманлараро судининг 19.04.2018 йилдаги ажрими орқали Оқдарё туман ҳокимининг 05.12.2017 йилдаги 2016-Қ-сонли қабул қилинган қарорига ҳуқуқий баҳо берилган.

     Шунга асосан, Оқдарё туман ҳокимининг 05.12.2017 йилдаги 2016-Қ-сонли қабул қилинган қарорини бекор қилишдан олдин норози томон ФИБ Пайариқ туманлараро судининг 19.04.2018 йилдаги ажрими назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиш лозим.

     Хозирги кунда фуқаро  С.Қосимов томонидан қурилиш ишлари бошланган бўлиб, яқин муддатлар ичида қурилиш ишлари тугалланиш арафасида эканлигини маълум қиламиз. Шунингдек, фуқаро С.Қосимов “Тарихий музей ва кутубхона” биносини қуриб бўлгач халқ манфаати йўлида тўлиқ давлат ихтиёрига ўтказиб беришга кафолат бериб, фақатгина ушбу музей ва кутубхонадан фарзандларига иш ўрни яратишни  мақсад қилганлигини таъкидламоқда.

 

     Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM