СИЗЛАР  ҲАМИША  БИЗНИНГ ҚАЛБИМИЗДАСИЗ!

       СИЗЛАР  ҲАМИША  БИЗНИНГ ҚАЛБИМИЗДАСИЗ!

 

           Бугунги осойишта ва фаровон кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизни ёд этиш, ёнимиздаги ёши улуғ ҳамюртларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятдир!  Осмони ҳамиша мусаффо Ватанимизда фидоий ва дуогўй нуронийларимиз бор экан, мустақиллигимиз мустаҳкам, ҳаётимиз осуда, тинчлигимиз абадий бўлади!                                                              

         Барчамизга маълумки, 9-май санасини юртимизда “Хотира ва Қадрлаш” куни сифатида кенг нишонлаш яхши анъанага айланиб қолган. Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат хотираси ва тарихи билан улуғланади. Бу сана халқимиз томонидан инсонни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш каби фазилатларни улуғлайдиган, ўтганлар руҳини шод этиб, Ватан тинчлиги йўлида фидоийлик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларни қадрлаб, ўз миннатдорчилигимизни изҳор этадиган кун сифатида қизғин нишонланиб келинмоқда. Бу кун- Ватан учун ўз жонларини фидо қилган, оиласи,фарзандлари ва ота-онасининг тинч осуда яшаши учун курашган, тинчлик мадҳи баралла бутун дунёга жар солинган  ватанимиз тинчлигини, барқарорлигини юксакларга кўтарилишида  ўз ҳиссаларини қўшган юрт қаҳрамонларига аталган хотира кунидир.   Мана шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Чунки, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келган.                                                    

          Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.     Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди. Инсон, миллат ва халқ, тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир.

        Бундан кўриниб турибдики, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш  анъанага айланиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

          Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини, фахрийларни ҳар томонлама қўллаб–қувватлаш, уларнинг юксак эътибор ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб яшашларини таъминлаш давлат миқиёсидаги устувор масалалардан бирига айланган.Чунки кексаларни эъзозлаш, қадрлаш халқимизга ҳос қадриятлардан биридир. 

       Букилмас  ирода  ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама  равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

        Инсон хотираси –муқаддас, инсон қадри – улуғ.Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат-шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди ва фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимизнинг жасорат ва хизматлари беқиёс бўлган. Жангу жадалларда жон олиб-жон берган минглаб ўзбек ўғлонлари, фронт ортида тунни тонгга улаб меҳнат қилган, ризқу насибасини ўзгалар билан баҳам кўрган меҳри  дарё  ватандошларимиз  матонати ва фидойиликлари ҳеч қачон унутилмайди. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олмоқ, қадрламоқ биз учун ҳам фарз ,ҳам қарздир.

Энг муҳими, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги ва эртанги  кунимизни қадрлашга ўргатади. “Хотира” бўлмас экан,  “Қадрлаш”  ҳам йўқ. Ушбу тушунчалар ҳозирги давр авлоди учун ўзига хос маънавий одатга айланди. Бу айёмни кенг байрам қилиш юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари учун одат  тусига кирди. Шу маънода, ўтганларнинг хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадрлашдек ана шу ҳаётий қарашлар эл-юртимизнинг қон-қонига сингиб бораётгани ва бугунги кунда ҳар бир юртдошимиз умрининг узвий қисмига, барчамиз учун муқаддас бурчга айлангани  катта воқеадир.                                                                                                          

         Уруш майдонлари ва фронт ортида миллионлаб одамлар кўрсатган жасорат ва матонат тарихимизда, халқимиз хотирасида сақланиб қолади.   Фидойи  юртдошларимизни  доимо  улуғлаймиз, уларнинг беқиёс матонати ва хотираси олдида ҳурмат билан бош эгамиз.

 

  Бахтигул Асророва, Оқдарё туман  мактабгача таълим бўлими мудири

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM