Қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнес бошлаш истагидаги хотин-қизлар тадбиркорликка ўқитилди

Қишлоқ хўжалиги соҳасида бизнес бошлаш истагидаги хотин-қизлар тадбиркорликка ўқитилди

 

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди, German Sparkassenstiftung ташкилоти билан ҳамкорликда лойиҳа доирасида Оқдарё тумани Чорбоғ маҳалласида қишлоқ хўжалигида фаолият кўрсатаётган ёки ушбу йўналишга қизиқиши бўлган хотин – қизлар учун семинар-тренинглар ўтказилди.

Лойиҳа доирасида махсус сертификатга эга бўлган тренерлар 3 кун мобайнида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган, ёки шахсий томорқасида ўз бизнесини бошлашни хоҳлаган 20 нафар оқдарёлик хотин-қизлар учун молиявий  саводхонликни ошириш мақсадида  “Микро Бизнес сабоқлари”дан амалий машғулотлар ўтказишди.

Семинар иштирокчилари маркетинг бўйича билимлар билан бир қаторда бозор динамикаси ва рақобатни англаш, бухгалтерия ҳисоби ва назорат қилишнинг асосий тамойилларини тушуниш, микро молия ташкилотлари билан мижозлар ўртасидаги ҳамкорлик, кредитдан самарали фойдаланиш каби керакли маълумотларга эга бўлишди.

Хотин-қизларни билимларини мустаҳкамлаш учун махсус тайерланган симуляция- ўйинлар давомида тадбиркорона фикрлашга ўргатувчи тренинглар ҳам бўлиб ўтди.

Семинарда фаол қатнашиб, керакли билимларга эга бўлган аёлларимиз имтиёзли кредитлар олиш, оилавий тадбиркорликларини бошлаш, мавжуд бизнесларини ривожлантириш имконига эга бўлдилар.

Тренингларни етук мутахассислар Мавжуда Аманова ва Дилфуза Абдугаффарова олиб боришди. Шуниингдек, мазкур тадбир давомида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг Оқдарё туман бўлими ташкил этилди ва бўлимга туманнинг тадбиркор аёлларидан Фароғат Шарипова раҳбар этиб тайинланди.

Маълумот учун: Лойиҳанинг асосий мақсади – қишлоқ хўжалигида банд бўлган хотин – қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, молиявий ресурсларни бошқариш, ахборот ва молиявий ресурслардан фойдаланиш сир-асрорлари ҳақида маълумот беришдан иборатдир.

 

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати     

 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM