РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Бозор рўпарасидаги муаммоли ҳолатлар жойида ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди
РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Бозор рўпарасидаги муаммоли ҳолатлар жойида ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди
Жорий йилнинг 6-июн куни “Оқдарё овози” газетасида “ЛОЙИШДАГИ ТАРТИБСИЗЛИКЛАРНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?” сарлавҳаси остида Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасидаги “Оқдарё бозори” рўпарасидаги тартибсизлик ҳолати, хусусан, йўл ёқаларида машиналар тирбандлиги, савдо ва умумий овқатланиш шахобчаларида озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларини антисанитар ҳолатда тайёрлаб сотилаётгани каби ҳолатлар юзасидан танқидий мақола эълон қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз;
Мақолада кўрсатилган муаммолар туман ҳокимлиги томонидан алоҳида эътиборга олиниб, мавжуд камчиликларни бартраф этиш борасида тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди ва тегишли ташкилотлар томонидан муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, тuman IIB YHXB ходимлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилиб, бозор рўпарасидаги ҳамда “Ўзбекистон” кўчасидаги йўл ёқаларида турган автомашиналар, “Такси”лар тартибсизлиги бартараф этилди. Шунингдек, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда Sanepidqo‘mita Oqdaryo tuman bo‘limi ходимлари томонидан “Оқдарё деҳқон бозори” ва бозор рўпарасидаги савдо ва овқатланиш шахобчаларида навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилиб, ветеринария санитария қоидаларига амал қилмасдан фаолият юритиш ҳолатлари бартараф этилди.
Яна шуни маълум қиламизки, бу каби назорат тадбирлари доимий ўтказилиб келинаётган бўлишига қарамасдан ушбу ҳудудда тартибсизликлар қайта-қайта юзага келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мазкур масала Оқдарё туман ҳокимлиги диққат марказида турган долзарб масалалардан ҳисобланиб, муаммоларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида аввало машиналар учун янги автотураргоҳ қуриш, йўл ёқаларига экологик ҳолат барқарорлигини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати