САЙЛОВ ОЛДИ МАҲАЛЛА РАИСИ БИЛАН УЧИРАШУВ

 

МАҲАЛЛА РАИСИ АДОЛАТЛИ ВА ФИДОЙИ БЎЛИШИ КЕРАК,

- дейди Олчинтепа МФЙ раиси Турсунмурод Тошпўлатов. Маҳаллага  раис бўлмоқ ҳам шарафли, ҳам машаққатли вазифа. Туманимиздаги 34 та маҳаллада олиб борилаётган ишлар ҳар ойнинг охирги шанба куни ўтказилаётган “Маҳалла кунлари”да кенгаш аъзолари томонидан  сарҳисоб қилинади. Ҳар бир ижтимоий соҳа бўйича йил якунлари ҳисоботи тайёрланади. Мен сайловолди мулоқотим учун фуқаролар йиғинларимизнинг икки ярим йиллик иш натижаларини ўрганар эканман, “Олчинтепа”, “Навоий”, “Учтепа”, “Янгиобод” каби яна  бир қатор маҳаллаларимизнинг ижобий ютуқларга эришганликларининг гувоҳи бўлдим. Ушбу маҳаллаларда аҳоли орасида ижтимоий-маънавий барқарорлик, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига  қарши чора-тадбирлар амалга оширилганки, барча соҳаларда ижобий  натижаларга эришилган. Тадбиркорлар сони йил сайин ошган, кредитлар олинган, мақсадли ишлатилган, иш ўринлари яратилган. Худди шундай маҳаллаларимиздан бири “Олчинтепа” маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Турсунмурод Тошпўлатов билан сайловолди мулоқотини ташкил этдик.

  - Турсунмурод ака, мана, маҳалла тизимидаги энг муҳим сиёсий тадбир сайлов яқинлашмоқда. Яқинда  ҳамкасбларингизнинг бирига “яна сайловга номзодингизни қўйиб, маҳаллага раис бўлишни истайсизми?”- деб савол берсам, кутилмаган ҳазил жавоб бердилар: “Йўқ, битта кичкина маҳаллага раис бўлгандан кўра, катта ташкилотга, ёки, фабрикага директор бўлган  яхши. Чунки, ишлайсан, ишлаб чиқарасан, сотасан, вақтида дам оласан, манфаат топасан. Маҳаллада эса, дам олишсиз ишлайсан, ҳисобот берасан, боз устига барибир қайсидир ишга  улгуролмайсан, дакки эшитасан. Сабаби, маҳалладаги ишнинг чегараси йўқ, тепадан келаётган барча топшириқлар маҳаллада ижро этилади, кунни соатга, соатни дақиқаларга бўлиб ишлаймиз”,дедилар. Сизчи?, маҳалла раислигидаги тўрт йиллик иш фаолиятингиз давомида икки марта сайланибсиз. Яна номзодингизни қўймоқчимисиз?

-   Номзодимизни қўйиш бизнинг ихтиёримизда эмас, агар халқимиз, фуқаролар йиғини вакиллари номзодимни қўллаб-қувватласа, бундай ишонч шарафлидир. Аммо, бу гал номзодликка  қўйишдан кўра, сайловда ғолиб бўлиш қийин кечади. Чунки, ўтган сайловлардагидек, саноқлигина вакил очиқ овозда, юз-хотир қилиб раисни сайлаб, сайловни якунлай олмайди. Номзодлар маҳалладаги сайловчиларнинг 12 фоизини ўзининг сайлов- олди дастури билан ишончини қозона олсагина ғолиб бўлади. Бунинг учун номзод ушбу маҳалла аҳолисини яхши биладиган, ижтимоий-иқтисодий аҳволини таҳлил қила оладиган, маҳалла  инфраструктурасини шакллантириб, келгусидаги бунёдкорлик ишларини режалаштирган бўлмоғи лозим.

Ҳамкасбимнинг жавобига келсак, ҳақиқатан ҳам маҳаллада раис бўлиб ишлаш ўта серташвиш ҳамда шарафли, қолаверса савобли иш. Энг муҳими, маҳалла раиси фидойи инсон бўлмоғи лозим, йўқса, натижали ишлай олмайди.

- Натижали ишлаш эса, табиийки, манфаатдорликка бориб тақалади. Биласизми, ҳозирги кунда маҳаллада ишловчи ходимлар орасида битта аксиома, топишмоқ-формула мавжуд – 12+12=800 000. Ушбу формуланинг қайси рақами нотўғри, ечиб бера оласизми?  Оддий арифметика-ку, лекин, натижаси нега бундай, нотўғри?!

- Ана шу “нотўғри”га  тўғри жавобни суҳбатимиз давомида топасиз.

 - Раҳмат, -  дедим таажжубдан тўхтаб, аммо, бу ҳисобни қандай ечиш фикримни бир пас банд этди, суҳбатни яна давом эттирдик.

 - Сиз олий маълумотли педагогсиз, ҳамда тадбиркорсиз. Кейинги йилларда раҳбарликка фақат маълум бир соҳада ишлаган кадрларни қўйиш одатий ҳол бўлмоқда. Бундан чиқадиган хулоса, маҳаллани  бошқарувчи раҳбар  қонунни биладиган, қаттиққўл бўлиши лозим, зиёлилар эса, юмшоқкўнгил кишилар, улар фақат илм соҳиблари деган тушунча келиб чиқадими, бунга  муносабатингиз қандай?

- Ҳақиқатан ҳам кейинги йилларда нафақат маҳаллада, юқори ташкилотлар тизимида ҳам раҳбарлар фалон соҳада ишлаган ходимлар бўлиши шарт деган монополистик тушунчалар қарор топа бошлади. Бу тартиб маҳалла тизимига ҳам кириб келди. Мен раҳбарлик лавозимларини тайинлашдаги бундай ёзилмаган табақалаштириш қоидаларига  қаршиман. Айниқса, маҳалла раислари зиёлилардан сайлангани маъқул, чунки маҳалла – тарбия ўчоғи. Маҳалла раиси биринчи ўринда тарбиячи, маърифатчи, психолог, социолог, тадбиркор, фидокор, ҳар соҳада иқтидорли инсон бўлмоғи лозим.

Дарвоқе, “Олчинтепа” маҳалласида ўтган икки ярим йил давомида бирорта жиноятчилик  содир бўлмади, оилавий ажримлар йўқ, ўз жонига қасд, суиқасд каби салбий ҳолатлардан ҳоли, оилалар тинч, боқимандаликка қарши кескин чоралар кўрилмоқда. Тадбиркорлар сони ошмоқда, 48 нафар тадбиркор кредит олган, 29 та иссиқхона ташкил этилган ва ҳоказо. Маҳаллада 3528 нафар аҳоли, 720 та оила, 511 та хонадонлар мавжуд. 

- Янги жорий этилган маҳалла раисларининг сайлови тўғрисидаги қонуннинг қайси моддалари  сизга жуда маъқул бўлди?

- Аввало, маҳалла фуқаролар йиғини  раисларининг ваколат муддати уч йилга узайтирилганлиги, сайловчилар сонининг кенг қамрови ҳамда овоз бериш тартиби фақат ёпиқ-яширин шаклининг жорий этилганлиги барчамизга маъқул. Яна бир эътиборли томони шундаки, саноқ комиссиясининг иш тартиби яхши белгиланган. Олдинги сайловлардаги каби, бюллетенсиз,  қути қўйилмасдан, қўл кўтариб, санаб сайлаш эмас, худди, парламент депутатлари сайловидаги каби бюллетень олиб, кабинага кириб, маъқул номзодга овоз бериб, сўнг сайлов қутисига ташланиши сайловларнинг адолатли бўлишига ишончини оширади.

Айниқса, саноқ комиссияси аъзоларининг ишчи гуруҳи назорати остида, сайловчилар қаршисида бюллетенларни санаб, ғолиб номзодни эълон қилиши, жойида баёнлаштирилиши сайловнинг қонуний ва шаффоф бўлишини таъминлайди.

- Ўтган икки ярим йиллик иш фаолиятингиз давомида энг қийин муаммолар, улгура олмаган ишларингиз, афсус, армонларингиз бўлдими?

- Ҳар бир ишда муаммолар бўлиши табиий. Бугунги куннинг энг долзарб муаммоси маҳаллалар учун аҳолини боқимандаликдан қайтариш, ишчи ўринларини бунёд этиш. Маҳаллада кам таъминланган оилалар рўйхатини батамом бартараф этолмаганлигимиз ҳамда  иккита  ички йўлимизни таъмирлашга улгуролмаганлигимиздан афсусдаман.

- Сайловда яна халқингиз ишончига сазовор бўлиб, барча режалаштирган ишларингизни амалга оширасиз, деб тилак билдирамиз. Яна бир гап, сиз суҳбатимиз бошида маҳалла раиси зиёли киши бўлгани маъқул деб фикр билдирдингиз. Ваҳоланки, олий маълумотли ўқитувчиларнинг маошларини  ўн миллионга етказамиз, деб турган пайтимизда сизлар олаётган 800 минг ойлик маош учун қайси ўқитувчи ёки зиёли маҳалла раиси бўлишга рози бўлади?

- Яшанг, ана энди юқорида айтилган формуланинг жавобини  топдингиз. Кундуз 12 соат иш + кечаси 12 соат иш = 800 000 сўм маош...

- Баъзи пайтлар айрим раҳбарларнинг “маҳалла ишламаяпти”, деган иддаоларини эшитганимда мен ҳам шу муаммони  эслайман. Маҳалла ишини санаб адоғига етолмайсиз, ходимларининг олган маоши эса йўлкираю, “канцтовар”идан ортмайди, аммо, нолимайди, аскарлардек ишлайди. Ўтган бир йиллик иш фаолиятимда шунга амин бўлдимки, маҳалла раислари агар ҳудудида мингта хонадон мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бирининг оилавий шароити, ижтимоий аҳволини ёддан билади, (айримлар бундан мустасно) қайси оилани, кимни сўрасангиз таҳлил қилиб, тавсиф бера олади. Халқи билан бир оиладек бўлиб яшашмоқда. Аслида,  маҳалла институтини ташкил этиш ҳамда такомиллаштиришдан мақсадимиз  ана шундан иборатдир. Шунинг учун ҳам,  ҳозир ишлаб турган маҳалла раисларининг барчасини “фидойилар” деб атагим келади.

Турсунмурод аканинг ўз маҳалласи, халқи ҳамда келгуси режалари ҳақидаги суҳбатини  тинглаб янада руҳландим ва суҳбатимизнинг охирида шу формулага тўғри жавоб топишга, якунлашга киришдим.

 

- Ҳеч бир  нарса ёки воқеа турғун эмас, келинг, яхшиси, бу формулани ўзгартирамиз, “12+12=800 000” эмас, “12+12=сайлов!”. Чунки, барча маҳалла раисларимизнинг, тизимнинг  иш фаолиятини май ойида бўладиган маҳалла сайлови баҳолайди. Барча формула, муаммоларнинг  ечимини сайловдан кейинги янги сайланган авлод ҳамда уларнинг иш фаолиятидан, ўзгариш ва янгиликларидан кутамиз. Номзодини сайловга қўйишни истамаган раисларимиз билан хайрлашиб, яхши таассуротлар, хотиралар билан кузатамиз. Номзодларимизга омадлар тилаймиз. Туманимизнинг  маҳалла сайлови намунали ва адолатли ўтсин!

Суҳбатингиз учун раҳмат.

 Суҳбатни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ойгул Маматова

 олиб борди.

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM