Декларация топшириш муддати 1 апрель!

Декларация топшириш муддати 1 апрель!

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Жумладан, амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар асосий иш жойидан ташқари бошқа корхона, ташкилотларда ўриндошлик асосида ҳамда ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш орқали ва қонун билан тақиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб чекланмаган миқдорда даромад олишлари мумкин.

Олинган даромадларга эса қонунчиликда белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади. Жисмоний шахсларнинг даромадларни декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси резидентларининг Солиқ кодексининг 189-моддасида қайд этилган даромадларига, декларация асосида  солиқ солинади. Бундай даромадларга мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, жисмоний шахсларнинг фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олган даромадлари, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари, икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари киради.

Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Декларация доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб топшириш, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz – электрон солиқ хизматлари порталидаги «Солиқ декларацияларини юбориш» интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

 Таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунчиликда солиқ декларациясини белгиланган муддатдан кечиктириб тақдим этган шахсларга нисбатан маъмурий, шунингдек қўшимча ҳисобланган солиқни ўз вақтида тўламаган шахсларга нисбатан эса молиявий жарималар қўллаш кўзда тутилган. Шу сабабли декларация топшириш лозим бўлган жисмоний шахслар ҳисоботнинг якуний санаси – 1 апрелни кутмасдан, ҳозирданоқ яшаш жойларидаги давлат солиқ органларига бориб, жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари, ҳисобланган қўшимча солиқларни эса жорий йилнинг 1 июнига қадар тўлаб қўйишлари мақсадга мувофиқ.

Бир сўз билан айтганда, қонун доирасида тўланиши шарт бўлган тўловни фуқароларимиз ўз вақтида амалга ошира олишлари учун бугунги кунда шароит ҳам, вақт ҳам етарли.

 

 

2015-2019 © Оқдарё туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM