Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратовнинг туман аҳлига Янги йил ТАБРИГИ

Оқдарё туман ҳокими Шерзод Қудратовнинг туман аҳлига Янги йил

ТАБРИГИ

 

Асалому алайкум ҳурматли юртдошлар!

Азиз Оқдарёликлар!

Мана 2022 йил ўз поёнига етиб, 2023 йилнинг остонасида турибмиз. Айни шу лаҳзаларда ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимизда кечирган ва амалга оширилган ишларимизни, ютуқларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказамиз, шу кунларга етказганлиги учун яратганимизга шукроналар айтамиз.

Заҳматкаш халқимизнинг фидокорона меҳнатлари билан 2022 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якунлашга эришдик.

Азиз юртдошлар!

Тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллаётган “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланган 2022 йил билан хайрлашиш остонасида турибмиз. Мамлакатимизда жорий йилда дилларни яйратувчи, қалбларга нур таратувчи катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлиги барчамизни беҳад мамнун этади. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”деб аталган 2022 йилда белгиланган вазифаларни бажаришга бор куч ва имкониятлар сафарбар этилди.

Бинобарин, якунига етиб бораётган 2022 йилни кузатар эканмиз, ҳаётимиздаги муҳим ва унутилмас воқеаларни беихтиёр хаёлимиздан ўтказишимиз табиийдир.

Йил давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни “Темир дафтар”га, шунингдек хотин-қизларимиз ҳамда ёшларимизни “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритиш орқали амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Камбағалликдан чиқариш дастури доирасида олиб борилган сай-ҳаракатлар сабаб, ушбу оилаларнинг доимий даромад манбалари оширилишига эришилди. Аксарият фуқаролар ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти борасида, ҳудудий инвестиция дастурига асосан, январь-ноябр ойлари давомида 78,6 млрд сўмлик 31 та лойиҳа ишга туширилиб, 170 та янги иш ўринлари яратилди. Савдо хизмати кўрсатувчи объектлари ишга туширилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳада миришкор деҳқонларимизнинг фидокорона, заҳматли меҳнатлари сабабли ҳосил олиш режасини ортиғи билан бажаришди.

Ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш ишларида алоҳида эътибор қаратилиб, 2 та мактабгача таълим, 2 та янги мактаблар бунёд этилаётгани, шунингдек, Президент таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш Агентлиги тизимида туман ихтисослаштирилган мактаби ташкил этилгани фикримиз тасдиғидир.

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида ички, умумфойдаланишдаги йўллар таъмирланиб, тупроқ йўллар шағаллаштирилди, юқори кучланишли, замонавий трансформаторлар ўрнатилганлиги халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига хизмат қилади.  Шу боис халқимиз янги йилни ёруғ юз билан кутиб олишмоқда.

Азиз юртдошлар!

Яқинлашиб келаётган 2023 йил - “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да барчамиз биргаликда меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга албатта эришамиз.

Янги – 2023 йилда Яратгандан юртимизга тинчлик, осойишталик, ҳар бир хонадонга қут-барака, ҳар бирингизга хотиржамлик ва
сиҳат-саломатлик тилайман.

Менинг ниятим, тилагим шуки, ҳар бир оила, ҳар бир инсон мурод-мақсадига етсин!

 

Яна бир бор, Янги йилингиз муборак бўлсин азиз юртдошлар

 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM