Харид чеки талаб қилиб олишнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти

Харид чеки талаб қилиб олишнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти

 

Ҳурматли тумандошлар!

Ҳар биримиз кундалик эҳтиёжимиз учун турли маҳсулотлар харид қиламиз, хизмат кўрсатиш шахобчалари хизматларидан фойдаланамиз, лекин аксарият ҳолларда харидлар учун тўловни амалга оширгач, харид чеки берилмаётганига эътибор бермаймиз.

 

Хўш, харид чекини олиш шу қадар муҳимми?

 

Албатта. Бу юртимиз ва юртдошларимиз фаровонлигини, она диёримиз ижтимоий-иқтисодий юксалишини таъминлашда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Савдо-сотиқ муносабатларида харид чекларини талаб қилиб олиш, фуқаролик бурчингизни бажариш билан бирга маблағларни банкдан ташқари ноқонуний айланишини олдини олган бўласиз. Кирим қилинган нақд пулдан корхонанинг тушуми сифатида давлат бюджетига солиқ тўловлари ундирилади.

Бу эса иш ҳақи, пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам харид чекини талаб қилиб олиш ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, харид чекини талаб қилиб олишнинг бошқа афзалликлари ва қулайликлари ҳам борлигини унутманг!

Аввало, харидингиз  учун олган     чекларингиз сифатсиз маҳсулотларни қайтаришда асос бўлади. Бундан ташқари, харид чеки фақат кафолат қоғози бўлибгина қолмай, унинг ёрдамида савдо қоидалари бузилишининг олди олинади, нақд пулларнинг вақтида банкка кирим қилинишига эришилади.

Унутманг ҳар қандай харид учун тўланган нақд пулларга назорат касса машинасидан харид чеки бермаслик:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддасига асосан, энг кам ойлик ишҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача;

Ушбу ҳолат бир йил ичида такроран содир этилганда, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 бараваридан 100 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

 

Харидингиз ёки кўрсатилган хизматлар учун чекларни талаб қилиш орқали Сиз давлат бюджети даромадларининг кўпайишига, амалга оширилаётган ижтимоий тадбирларни қўллаб-қувватлашга, ҳудудларни ободонлаштириш, фарзандларингизга таълим муассасаларида яратиб берилаётган шарт-шароитларни янада яхшилашга, талабалар стипендияси, ишчи-хизматчилар ойлик маошлари, шунингдек, яқинларингизнинг ижтимоий нафақа ва пенсияларини ўз вақтида олишини таъминлашга ҳисса қўшган бўласиз!

 

Оқдарё туман ҳокимлиги

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM