ОҚДАРЁДА  ЯНА БИР МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ ФАОЛИЯТ БОШЛАЙДИ

ОҚДАРЁДА  ЯНА БИР МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ ФАОЛИЯТ БОШЛАЙДИ

 

          Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз музейлари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлди десак адашмаймиз. Чунки, мазкур ҳужжат музей ишини янада юксак даражада ташкил этиш, у ерда сақланаётган бебаҳо ноёб фондни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга етказиш масъулиятини юклайди.

         Бундай  маъсулиятни ҳис қилган  Оқдарёликлар ҳам савобли ишга қўл уришди.Туманимиз истироҳат боғининг марказидан жой ажратилиб, халқимиз, келажагимиз давомчилари бўлмиш  ёш авлод қалбида маънавий меросимизга нисбатан ҳурмат туйғусини уйғотиш, мактабгача таълим тизими ривожида, навқирон авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга бўлган,ўтмиш тарихимиздан ҳикоя қилувчи осори-атиқаларни сақлайдиган, намойиш қиладиган муқаддас маскан, маънавият даргоҳи – музей ташкил  қилинмоқда.

         Музей– юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этадиган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундайдиган-маънавият марказидир. У тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини амалга оширувчи илмий-маърифий муассаса ҳисобланиб, унда  катта илмий тадқиқий ва тарбиявий ишлар олиб борилади. Музей халқаро маданий алоқаларни кенгайтиришга, миллий маданиятларнинг ўзаро бойиши ва халқлар ўртасида ҳамфикрликни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшадиган маскандир.Бинобарин, у  ўтмиш билан бугунни боғловчи маънавият кўприги ҳисобланади. Шу боис бу ерда сақланадиган  ҳар бир тарихий нақш, сурат, буюм, уй анжоми, қўл меҳнати, аёллар безаги каби нодир намуналардан халқимизнинг минг йиллик анъаналари, қадриятларини ўрганишимиз мумкин.

       Музей- шунингдек,  бизга ўзбек халқи тарихининг муҳим босқичларини акс эттирган ноёб архив материалларини, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, фотоматериалларга эга турли даврдаги эстетик тасаввур тарихига баҳо бериш имкониятини беради. Шунинг учун музей ўз фаолиятини бошлагандан сўнг  халқимизга ноёб ашёлар намойиш қилиниши баробарида бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида доимий кўргазмалар, илмий-амалий семинарлар, учрашувлар ташкил  қилиш  режалаштирилмоқда. Бундан мақсадимиз, маданий меросимизни, унда сақланаётган ноёб фондни асраб-авайлаш, маънавиятимиз ва санъатимиз намуналарини кенг тарғиб қилиш орқали юксак маънавиятли авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишдир.

         Яхшиси, туманимизда бўлаётган ўзгаришларни ўз кўзингиз билан кўриш учун, бир келиб кетинг,  сўлим  Оқдарё  туманига!

 

              Бахтигул Асророва,  Оқдарё  туман  мактабгача  таълим  бўлими  мудири

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM