Очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ҳаётингиз учун хавфлидир

       Очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ҳаётингиз учун хавфлидир

 

   Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша жозибаси бўлгани сингари, ёзнинг иссиқ тафти ҳам инсонларни соя-салқинлик сари чорлайди. Бунда замонавий совутгич ўрнатилган хонада дам олишга, муздек салқин ичимлик ичишга ёки бўлмаса ҳузурбахш сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин.

    Бироқ, чўмилишнинг ҳузурбахшлилиги билан бир қаторда, ҳар йили дунё бўйлаб 300 минг нафарга яқин инсонлар мана шу ҳузур истагида белгиланмаган жойларда чўмилишлари оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлиги, ёки бўлмаса ҳар йили кемалар сувга тушиб чўкиб кўп сонли кишларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши кишини ўйга толдиради.

    Бундай вақтларда ҳар бир инсон “сувда чўкиш мен ва менинг яқинларим билан содир бўлмайди” - деган бефарқлик ва бепарволик чулғаган фикрдан бироз чекиниб, ўзи, оила аъзолари ва яқин кишиларини эҳтиёт бўлишга чақириши ва огоҳлантириб туриши унинг кундалик вазифаси эмасмикан деб ўйлайсан киши. Зеро, ҳар бир фуқаро учун фарзандлари бир-биридан азиз, яқин кишилари эса муқаддасдир.

     Вилоятимизда фуқароларнинг сувда чўкиб вафот этишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилда 8 нафар, 2017 йилда 18 нафар, 2018 йилда 15 нафар, 2019 йилда 23нафар фуқаролар сувда чўкиб вафот этишган. Ушбу рақамлар қанчадан-қанча оилаларга оғир мусибат олиб келган. Кимдир отасидан, кимдир акаси ёки укасидан, яна кимдир умр йўлдошидан, оғайнисидан ажралиши билан тугаган фожиадир.

   2016-2019 йиллар мобайнида вилоят ҳудудида фуқароларнинг сувда чўкиб ҳалок бўлган фуқароларнинг 41,5 фоизини 23 ёшдан 53 ёшгача, 33 фоизини 13 ёшдан 22 ёшгача бўлган фуқаролар ҳамда 25,5 фоизини 12 ва ундан кичик ёшда бўлган болалар ташкил этмоқда.

    Ёшлар ўртасида юзага келаётган сувдаги ҳалокатларнинг аксарияти уларнинг назоратсиз қолдирилиши ва ўзбошимчаликлари оқибатида содир бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра кейинги 5 йил давомида сувда чўкиб ҳалок бўлган ёшларнинг 95 фоизи ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши оқибатида содир бўлган. Асосан катта ёшдаги фуқароларнинг сувга чўкишларига уларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда чўмилиш учун сувга тушишлари сабаб бўлмоқда.

   Қайд этилган ҳолатларнинг деярли 99 фоизи белгиланмаган ва чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган. Бу каби жойларга, Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари, Каттақўрғон, Оқдарё, Тўсинсой, Қорасув ва Қоратепа сув омборлари ҳамда Дарғом, Булунғур, Шахоб, Хатирчи-Миёнкол, Туятортар, Мирзаариқ, Каттақўрғон, Нарпай ва Сиёб каналлари, шунингдек Янгиариқ каби йирик ариқлар киради. Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Бу жойлар чўмилишга мўлжалланмаган. Чунки сув оқими жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қирғоқлари беқарор, энг асосийси ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.

   Шу сабабли, бу каби очиқ сув ҳавзалари ҳаётингиз учун хавфлидир. Яна бир нарса, сузишни билиш хавфсизликка кафолат бўла олмайди.

    Азиз юртдошлар, сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг:

ҳеч қачон белгиланмаган жойларда (дарё, сой, кўл, сув омбори, канал ва ариқ) чўмилманг;

“Чўмилиш тақиқланади” махсус белгиларига қатъий амал қилинг;

ёзги таътил даврида болаларни белгиланмаган жойларга чўмилишга боришларига йўл қўйманг;

ёш болаларни назоратсиз қолдирманг;

спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, чўмилишга борманг;

фақатгина чўмилиш рухсат этилган махсус сув ҳавзаларида чўмилинг.

   Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш фақат Сизнинг саломатлигингиз ва ҳаётингиз кафолати эканлигини унутманг!

 

     Б.Қурбонов, Оқдарё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи катта лейтенант                                            

 

 

 

 

 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM