ҚАЛБИДА  ИШОНЧИ  БОР  ХАЛҚ  ҚУДРАТЛИДИР!

ҚАЛБИДА  ИШОНЧИ  БОР  ХАЛҚ  ҚУДРАТЛИДИР!

 

          Бугунги кунга келиб ер юзининг салкам саккиз миллиард  кишига яқинлашиб қолган аҳолисини оғир ташвишга солиб қўйган умумбашарий бу офат – коронавирус, ўттиз тўрт миллионлик халқимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Ривожланган давлатлару- мамлакатлар ҳам ташвишгага тушиб қолганини ҳар кун, ҳар соатда кўриб-кузатиб турибмиз. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб элон қилди.Бундай вазиятни назоратга олган давлатимиз томонидан  ҳам бир қанча чора-тадбирлар ишлаб- чиқилиб, халқимизнинг касалликни юқтириб  олиш  эҳтимолини  имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилмоқда.Муҳтарам Президентимизнинг коронавирус инфекцияси бўйича халқимизга  қилган мурожаати ҳам бизни янада бирдамлик ва ҳамжиҳатликка, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишга, тотув ва аҳилликка  даъват этмоқда. “Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида  диний  уламоларимиз юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз  якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта,  ўтиб  кетади.”

Юртбошимизнинг ушбу мурожаатини ҳар биримиз чин дилдан ҳис қилмоғимиз, тўғри  хулоса  қилиб, бекорчи  гап-сўзларга  вақт сарфламасдан , халқимиз, Аллоҳ бизга берган фарзандларимиз тақдири-келажаги, таълим-тарбияси, тинчи ва саломатлиги учун ҳаммамиз, ҳар биримиз маъсул ва  жавобгар эканлигимизни  бир дақиқа ҳам унутмаслигимиз керак. Огоҳлик бонгидай садо бераётган бу даъваткор сўзларни юрт эгаси, давлат раҳбари элимизга, ватандошларимизга қарата такрор ва такрор таъкидлаётганининг боиси не деб яна бир бор ўйлаб кўришимиз керак. Мамлакатимизнинг шижоатли раҳнамоси бу синовларни ҳам матонат билан енгиб ўтамиз, дея қатъий ишонч билан сизга, бизга мурожаат қиларкан, энг аввало, шу олиймақом ишончга муносиб бўлишимиз, муносиб ишлар қилишимиз, бунинг учун ўзимизни ўзимиз асрашимиз лозим.         

           Шундай экан, бугун ҳар биримиз кўнглимиздан сўрайлик-чи:   “Бундай кўринмас душманни  тезроқ  бартараф  этиш учун нима қилишимиз керак?” Сўралаётган талаб эса оддий. Бир-биримизга меҳрли, оқибатли бўлайлик, бировларнинг кўнглини оғритмайлик, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда, касалликни яширмасдан,

ўз вақтида мурожаат қилиб,  унинг олдини олишдаги энг самарали чора эканлигини тушунайлик, шунга риоя қилайлик. Саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмасдан, матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган  маълумотларни  тарқалишига  йўл  қўймайлик.  Чунки, бепарво бўлишга ҳеч қайсимизнинг ҳаққимиз  йўқ. Бефарқ ва хотиржамликка берилиш хиёнат эканлигини англаб етишимиз керак.

         Дунёни ларзага солиб турган короновирус пандемиясининг хавф-хатари, инфекциянинг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган тадбирлар, даъват- чақириқлар, шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилиш юзасидан атрофлича тушунтириш ишлари олиб борайлик. Кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилайлик, курашайлик.

        Касалликни енгиш, уни тарқалиб кетишини олдини олиш фақат Президентимиз, раҳбарларимизнинг вазифаси деб қарамасдан, халқимиз, ота-оналаримиз ва фарзандларимиз соғлиги йўлида туну кун хизмат қилаётган шифокорларимиз   меҳнатининг қадрига етиб, бутун инсоният учун  Яратганнинг берган   синовли кунларида  Муҳтарам  юртбошимизнинг “Кўпни  кўрган халқимиз яна-да жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат  бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам енгиб ўтади,” -деб айтган  ишончига барчамиз қўлни-қўлга бериб “лаббай” деб жавоб берайлик.Мана шундай тахликали  вақтда тарғибот ишларини кучайтирайлик. “Биз коронавирусга қарши курашамиз!”, “Биз коронавирусни биргаликда енгамиз!” каби шиорларни  аҳоли орасида  тарғиб этиб, уй шароитида карантинга амал қилиш талаби, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва аҳолига қулай шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга муносиб ҳиссамизни қўшайлик. Ҳозирги шароитда аҳолига далда бўлиб, халқимизни кайфиятини кўтариш  бизларни вазифамиз ва бурчимиз эканлигини ҳеч қачон унутмайлик. 

       БИЗ БАРЧА  ҚИЙИНЧИЛИКЛАРНИ  БИРГАЛИКДА, ҲАМЖИҲАТЛИКДА  ЕНГАМИЗ!

 

          Бахтигул Асророва, Оқдарё туман  мактабгача таълим бўлими мудири

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Сайт яратувчиси: SAKTRM