“Газ сўрғич””дан фойдаланиш ўзгалар ҳақига хиёнат қилишдир

                “Газ сўрғич””дан фойдаланиш ўзгалар ҳақига хиёнат қилишдир

 

         Кейинги вақтларда туманимизда айрим фуқаролар томонидан табиий газ қувурларига ўзбошимчалик билан турли «газ сўрғич» мосламаларини ўрнатган ҳолда фойдаланиш бир талай муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

         Ёнма-ён яшайдиган қўшниларнинг бирини уйида газ бор, иккинчисиникида йўқ. Чунки гази бор қўшни “газ сўрғич”дан фойдаланиб қўшнисига ўтадиган газни ҳам олиб қўймоқда. Бу шубҳасиз ўзгалар ҳақига хиёнат қилишдир.

         Маънавият, виждон деган тушунчаларни озгина бўлсада қадрлайдиган одам бундай йўл тутмайди. Ўша газсиз қолган қўшнини уйида яшаётган кексалар, гўдаклар совуқдан бетоб бўлиб қолса “уддабурон” қўшнининг озгина бўлса-да виждони қийналармикан?

         Масаланинг иккинчи томони, “газ сўрғич” мосламалари ўрнатилганда резина шланглар орасидан сизиб чиқаётган газнинг хонада тўпланиши оқибатида ёнғин содир бўлиши холатлари ҳам учрамоқда. Оқибатда кимдир бор-йўғидан айрилмоқда, ҳаттоки қурбон бўлганлар ҳам бор.  

Шу ўринда айрим саволлар пайдо бўлади. Яъни бундай асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариб ёки хориждан олиб кириб бозорларимизда сотаётган бизнесменлар бу ускуналар одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини ўйлашмайдими? Фожиалар қурбонлари кимнингдир фарзанди, онаси, отаси, опа-сингил, ака-укаси эканлиги уларга заррача ҳам таъсир қилмайдими? Газ сўрғичдан чиққан ёнғин бир хонадонни бор-будидан, жигарларидан айириб қўйса, бизнесдаги ҳалоллик, виждон тушунчаси қаёқда қолди — ҳаммаси пулга алмашиб кетганми? Бундай “тадбиркор”ларнинг хавфли товарлари нималарга “қодир” бўлаётгани ҳақида эшитиб-кўрган пайтида уларнинг афсусланмагани “бозори чаққон” бўлишга интилишаётганидан ҳам аён. Одамлар нима бўлса бўлсину “бизнес” зарар кўрмасин экан-да, шундайми?
          Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасида электр, иссиқлик энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 2-иловаси 123-бандининг «г» қисмига асосан, газ қувурлари ёки ГТШларда, газ тақсимлаш тармоқларини технологик иш режимини бузишга олиб келадиган қурилмаларни ўрнатиш тақиқланади.

Лекин айрим кишилар қачонки ёнғиндан азият чекиб, боши деворга урилмагунча бундай огоҳлантиришларга, қонун талабларига ҳамда масъул идоралар ходимларининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тушунтириш ва тарғибот ишларига қулоқ тутавермайдилар.

Масалан, ИИБ ЁХБ ва бошқа идоралар вакиллари текшириб келгудек бўлса, газ сўрғич ва қўлбола иситиш мосламалари мавжуд хонадонлар соҳиблари дарҳол уларни яшириб қўйишади. Улар кетишгач яна аввалгидек фойдаланаверишади.      

           Ҳозирда туманимизда ўзбошимчалик билан “газ сўрғич”лардан фойдаланишни бартараф этиш, аниқланган ҳолатларда қонуний чоракўриш мақсадида МИБ, Ёнғин хавфсизлиги, ИИБ ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ ташкил этилди.

         Агарда бирор қўшнингиз “газ сўрғич”лардан фойдаланаётганлигидан хабар топсангиз @AlisherMajidov телеграм каналига хабар юборинг. Туманимизда фуқаролар “газ сўрғич” ишлатмаса газ босими барчага етади, ҳамманинг хонадонида газ бўлади.

 

         Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 

 

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Разработан в: SAKTRM