ПАХТАНИ ТЕЗ ВА СОЗ ЙИҒИШТИРИБ ОЛАЙЛИК

            ПАХТАНИ ТЕЗ ВА СОЗ ЙИҒИШТИРИБ ОЛАЙЛИК

     Туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Оқдарё туман Кенгаши ва «Оқдарё овози» газетаси таҳририятининг тумандаги барча фермер хўжаликлари раҳбарларига, туман ташкилотларига, фуқароларга, ёшларга ва туманнинг барча аҳолисига

                                  МУРОЖААТИ

 

       Азиз ва қадрли тумандошлар!

      Яқингинада халқимиз энг улуғ ва энг азиз бўлган Мустақиллигимизнинг йигирма сакиз йиллигини кенг нишонлади. Туманимизда ҳам бу байрам кўтаринки руҳда юқори савияда нишонланди. Буларнинг барчаси озод ва обод диёримизда тинчликнинг барқарор эканлигидан, меҳнатсевар халқимизнинг фаровонлиги натижасидир. Албатта, устимизнинг бутлиги, қорнимизнинг тўқлиги, барча-ю барчаси асосий ва миллий бойлигимиз ҳисобланган пахтамиз туфайлидир. Чунки пахта азал-азалдан ризқ-рўзимиз, ор-номусимиз ва фахримиз бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу йил деҳқонларимизнинг қилган астойдил ҳаракатлари баҳорнинг инжиқликлари, ёзнинг жазирамасига қарамасдан, фидокорона тер тўкканликлари сабабли, далаларда мўл ҳосил яратилди. Табиат инжиқликларига ўзларининг фидойиликлари билан жавоб берган деҳқонларимиз бунёд этиладиган хирмонимиз янада юқори бўлиши учун астойдил меҳнат қилишмоқда. Шу кеча-кундуздаги асосий вазифамиз далаларимизда машаққатлар эвазига яратилган пахта ҳосилини тез ва соз йиғиштириб олишдан иборат. Шундай экан, биз сизларга мурожаат қиламиз!

       Фермер хўжаликларининг раҳбарлари ва аъзолари:

      Ғалвир сувдан кўтариладиган пайт келди. Кимнинг қандай ишлаганлиги энди кўринади. Бежизга халқимиз «Жўжани кузда санаймиз» дейишмайди. Шундай экан, сизлар бутун куч ва имкониятларингизни ҳисоблаб чиқиб, теримга яроқли бўлган ишчи-хизматчиларни мардлар майдони бўлган пахтазорга чорлашларингиз талаб этилади. Чунки кузнинг об-ҳавосига ишониб бўлмайди. Ҳозирги қуёшли кунларнинг ҳар бир дақиқаси олтинга тенг эканлигини унутмайлик. Далага жалб қилинган теримчиларга барча шарт-шароитларни яратиб бериб, уларнинг иш унуми юқори бўлишини таъминлашга эришишларингиз шарт.

       Туман касаба уюшмалари ташкилотлари етакчилари!

      Ҳосилни тез ва соз йиғиштириб олишда сизларнинг ҳам фаолиятларингиз сезиларли бўлиши лозим. Далада меҳнат қилаётганларга барча шарт-шароитларни яратиб бериш, уларнинг иш унумини ошириш учун илғорларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эгадир. Шундай экан, ҳар беш кунда ғолибларни мукофотлаш тадбирларини бажаринг. Чунки далада меҳнат қилаётганларга етарли шароитлар яратилса, улар ғамхўрликлар билан қамраб олинса, албатта ютуқлар юқори бўлади.

       Банк ходимлари!

    Терим суръатини ошишида ҳеч шак-шубҳасизки, моддий манфаат  муҳим ҳисобланади. Бу амалда кўп исботланган. Шундай экан, бор куч-ғайратларини даладаги ҳосилни йиғиштириб олишга қаратаётган теримчиларнинг, ҳашарчиларнинг меҳнат ҳақларини ўз вақтида етказиб бериш чораларини кўриш сизларнинг зиммаларингизда. Буни ҳисобга олиб, теримчиларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириш чораларини кўрингизлар.

       Азиз туманимиз ёшлари!

        Тариҳдан маълумки, халқнинг бошига иш тушса ёшлар таянч бўлишган.

     Сиз ҳам ўз шижоатингиз, куч-ғайратингиз билан халқимиз бойлиги бўлган пахтани тез ва сифатли териб олишда фаол қатнашинг, теримда бошқаларга ўз интизомингиз, илғорлигингиз билан ўрнак бўлинг.

      Ватанимиз ҳамда сизнинг келажагингиз бебаҳо бойлик – пахтамизнинг миқдори ва сифати юқори бўлишига боғлиқ эканлигини унутманг.

      Ҳурматли отахон ва онахонларимиз, пир-у бадавлат нуронийлар!

     Пахта йиғим-терими қизғин паллада сизларнинг ҳам ўринларингиз яққол сезилиши лозим. Сизлар ҳам далаларга чиқиб, теримчиларни баракали меҳнат қилишга даъват этинг. Пахтамизнинг қадри тобора ошиб бораётганлигини, унинг ҳар бир мисқолини ерда қолдирмай, йиғиштириб олиш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини, теримда фаол қатнашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини тушунтиринг. Далада ишлаётганларга етарли шароит яратилишига бош-қош бўлинг. Бу йилги зарбдор 15 кунлик пахта йиғим-терими даврида, теримга ҳалақит бермаслиги учун вақтинча тўй-томошаларни тўхтатиб туриш бўйича тўйчиларга насиҳат қилингизлар.

      Ташкилот, муассаса корхоналарнинг хизматчиларига, ҳашарчиларга ва туманнинг барча аҳолисига мурожаат қиламиз!

     Бугун серқуёш Оқдарёда яшаб турган, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, ҳар бир киши ўзини пахтакорга мададкор деб билмоғи, ҳозирги долзарб ва ҳар дақиқаси олтинга тенг бўлган ғанимат дамларда ўз ўрнини мардлар майдони бўлган пахтазорда деб билмоғи керак. Негаки, деҳқонларимизнинг катта қийинчиликлари эвазига яратилган пахтани тезроқ йиғиштириб олиш ниҳоятда муҳим вазифа эканлигини сизлар ҳам яхши биласизлар. Биз ҳам сизларнинг пахта далаларида жонбозлик ва жасорат намуналарини кўрсатишларингизга, тезда юксаладиган    Оқдарёнинг пахта хирмонига ўз ҳиссаларингизни қўшишларингизга ишонамиз. Бугун белида қуввати, билагида кучи, юрагида ўти бўлган, сўлим маскан Оқдарёда яшаб, унинг мусаффо ҳавосидан нафас олаётган, зилол сувидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир кишининг ўрни далада, жасорат майдони пахтазорда бўлиши зарур. Ҳозирча барчамиз тўй-томошаларни вақтинча тўхтатиб, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш ташвишида бўлишимиз керак. Кўпроқ пахта териб, режани тезроқ бажарилишига ҳисса қўшишларингизга ишонамиз. Ҳаммамиз пахта йиғим-теримида фаол қатнашайлик, азиз тумандошлар!

 

     Ушбу мурожаат 2019 йил 11 октябр куни бўлиб ўтган туман фаолларининг йиғилишида маъқулланиб, қабул қилинган.

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Разработан в: SAKTRM