ПИЧОҚЧИНИ ДУНЁГА ТАНИТАЁТГАН ТАДБИРКОР

ПИЧОҚЧИНИ ДУНЁГА ТАНИТАЁТГАН ТАДБИРКОР

Туманимиздаги Пичоқчи қишлоғининг довруғи бугунги кунда нафақат вилоят ёки республикамизда балки дунё бўйлаб  тарқалди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Нафақат Пичоқчи қишлоғи, балки унга қўшни бўлган Тўртайғир, Карки, Тарнов сингари қишлоқларнинг аҳолиси ҳам  анча йиллардан бери  янги касб – ёнғоқ мағиз савдоси билан шуғулланишни ўзларига касб қилиб олишди. Тўғрисини айтиш керакки, ана шу касб билан шуғулланган оилалардаги айрим ишсиз юрган кишилар иш билан таъминланди. Бугина эмас, “Меҳнатдан келса бойлик - турмуш бўлар чиройлик”, деганларидек, ўзларининг ҳалол меҳнатлари орқасидан кўплаб хонадонларнинг оилавий даромадларига даромад қўшилиб, турмуш фаровонлиги ошиб борди. Йиллар ўтиб, бу соҳани алоҳида тадбиркорлик соҳасига айланади, деб ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Биз номларини келтирган қишлоқларнинг меҳнаткаш кишилари республикамизнинг турли вилоятлари, туман ва қишлоқларидаги аҳоли хонадонларидан ёнғоқ меваларини олиб келишиб, мағизини ажратиб Самарқанд шаҳри бозорига сотишган бўлса, кейинчалик Пичоқчининг ўзида ёнғоқ маҳсулотларини сотиб оладиган “Мағиз бозори” ташкил қилишди. Буни қарангки, “Мағиз бозори”нинг ҳам ўзига хос “лидер”лари,  яъни етакчилари пайдо бўлди.  
Ҳикоямиз қаҳрамони Толибхон Абдужалилов ҳам ана шундай етакчи тадбиркор сифатида қарийб 20 йилдан буён ёнғоқни қайта ишлаш ва унинг олди-сотдиси билан шуғулланади. У мамлакатимизда Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  тадбиркорлар учун йилдан йилга яратиб берилаётган шарт-шароитларни кўриб, шунингдек, қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини чет давлатларга экспортини йўлга қўйиш тўғрисидаги қатор қарор ва фармонларидан руҳланиб,  2017 йил апрел ойида “Пичоқчи” DRY FRUITS” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этди. Ҳозирги кунда бу фермер хўжалиги  ёнғоқ, мош, ловия, нўхат каби дуккакли  маҳсу-лотларни қайта ишлаб хорижга экспорт қилмоқда.  Т.Абдужалилов Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Афғонис-тондаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишни ҳам йўлга қўйиб, катта ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.  У  2018 йилда 1млн. 200 минг АҚШ долларлик  ёнғоқ маҳсулотларни хорижга экспорт қилди. Айни кунларда 50 га яқин доимий, 100 га яқин мавсумий ишчи ўрин яратган тадбиркор айни пайтда катта лойиҳалар устида ишламоқда.
Ўз соҳаси бўйича йиллар давомида етарли даражада ҳам илмий, ҳам амалий тажриба тўплаб келаётган, тинимсиз равишда тадбиркорлик сир-асрорларини пухта эгаллашга астойдил бел боғлаган Толибхон Абдужалилов ўз иш тажрибасини янада кенг миқёсда намоён этиш мақсадида ўтган йили туманимизда ўтказилган  «Ташаббус-2018» кўрик-танловининг туман босқичида иштирок этди. Туманимиздаги 50 дан ортиқ тадбиркорлар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан  қатнашган мазкур нуфузли тадбирда ЎзЛиДеП фаоли Толибхон Абдужалилов ҳам муваффақиятли иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллади ҳамда танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Тадбирда ғолибларга, шунингдек, турли номинация бўйича совриндорларга ташкилотчилар ва  ЎзЛиДеП туман Кенгашининг  эсдалик совғалари топширилди.
Ўтган йили тадбиркор Т.Абдужалилов ҳар йили анъанавий тарзда   ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик- танловининг  вилоят босқичида “Энг яхши экспортчи” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган эди. Жорий йилда мазкур танловда яна иштирок этиб, танловнинг туман ва вилоят босқичларида олий ўринларни эгаллашга муваффақ бўлди. Республика босқичида ҳам фаол иштирок этган тумандошимиз мамлакатимизнинг “Энг яхши оилавий тадбиркори” номинациясини қўлга киритди ҳамда Япон элчихонаси томонидан махсус “Оилавий ўқиш”га сертифекатни қўлга киритишди. Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, корхонанинг орзу мақсадлари олам-олам. Интилганга толе ёр, деганларидек, ана шу юксак режалар сари дадил қадам ташлаб фаолият кўрсатаётган бу оилавий тадбиркорларнинг яқин келажакдаги режалари улкан. Дарвоқе, оилавий тадбиркор, дедик. Ахир бундай улкан ишларни амалга ошириш бир кишига албатта оғирлик қилади. Шу боисдан ҳам      корхонанинг янада ривож-ланишига корхона ассестент директорлари Шодиёрхон ва Шохруххон  Абдувоитовлар ҳам катта ҳисса қўшишмоқда. Самарқанд - Шенси: истиқболли ҳамкорликка келишиб олинди. 
Бугунги кунда вилоятимизда Хитой капитали иштирокида 30 дан зиёд қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналар томонидан қурилиш материаллари, енгил саноат, пойбзал, кимё маҳсулотлари, қадоқлаш материаллари, мотороллерлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Маълумки, провинсия маркази Сиан ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида биродарлик меморандуми имзоланган.
Ана шу муносабат билан 2018 йил май ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф этган Шенси қишлоқ хўжалик иқтисодиёти жамияти директори Фанг Ши Жинг ҳудудлар ҳақида маълумот бериб, икки томон ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган эди.  Тадбирда Шенси ва Самарқанд вилояти ўртасида иқтисодиёт, маданият, туризм, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун имконият ва салоҳият етарли эканлиги таъкидланиб, томонлар бундан самарали фойдаланишга келишиб олдилар. Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ўтказилган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиғболлари, ишлаб чиқариш ва товар айирбошлаш борасида қатор келишувларга эришилди. Вилоятимиз матбуотида эълон қилинган ушбу икки давлат ўртасидаги нуфузли учрашув ҳақида батафсил фикр юритишимиздан мақсадимиз, бизнинг қаҳрамонимиз ҳам хитойлик тадбиркорлар билан  бўлган учрашувда иштирок этиб, ҳамкорлик ўрнатган ҳамда қуйидаги фикрларни айтган эди:
- Йигирма йилдан буён Ўзбекистондан қуритилган меваларни хорижга экспорт қиламиз, - дейди Оқдарё туманидаги “Пичоқчи” DRY FRUITS”   масъулияти чекланган жамияти директори Толибхон Абдужалилов. – Шу пайтгача маҳсулотимизни Туркия орқали бошқа давлатларга экспорт қилардик. Бугунги учрашувда Хитойнинг «Хиан Зҳонгҳе индустриан» Cо.ЛТД корхонаси вакилларига ўз маҳсулотимизни тақдим этдик. Натижада 500 тонна қуритилган меваларни тўғридан-тўғри Хитойга экспорт қилишга келишдик.
Тадбиркор ЎзЛиДеП ҳамкорлигида 4,5 миллиард сўмлик саноат ва маиший хизмат кўрсатиш комплекси лойиҳасини амалга оширмоқчи.
Тадбиркор ЎзЛиДеП Самарқанд вилояти ва Оқдарё туман Кенгаши ҳамкорлигида “Пичоқчи” қишлоғида лойиҳа қиймати 4,5 миллиард сўм эвазига 3 гектар майдонда қурилиши режалаштирилаётган ёнғоқ етиштириш, уни сақлаш, қайта ишлаш, экспортга тайёрлаш, шунингдек маиший хизмат кўрсатиш бино-лари барпо этиш борасидаги бизнес лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш борасида иш олиб бораётганлигини эшитиб, Толибхон Абдужалиловдан бу борадаги фикр-мулоҳаларини сўрадик: 
-Юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланиб, келажакда ёнғоқ етиштириш бўйича кластер тизимини жорий қилмоқчимиз. Бир неча йилдан буён интенсив ёнғоқзор боғлар яратиш борасидаги лойиҳаларим жорий йилда амалга ошиб, бизга 30 гектар ер ажратилди. Мен бунинг учун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда туманимиз ҳокими Феруз Абиловларга миннатдорчилик билдираман. Бундан ташқари, Пичоқчи қишлоғида ёнғоқ етиштириш, уни қайта ишлаш, қадоқлаш, экспортга тайёрлаш, сақлаш ва агротуризмни ривожлантириш логистика марказини қуриш учун 2 гектар ер майдони ажратилди. Ушбу лойиҳалар доирасида мавсумий ва  доимий ишчи ўринлари яратилади, дейди суҳбатда Толибхон Абдужалилов. - Биз тадбиркорлар мамлакатимиз Президентининг қўшни ва қардош давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки бу иқтисодиётимизни янада гуллаб яшнашига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг тез ўзгариб турадиган бозор талабларига жавоб беришини таъминлайдиган замонавий тузилмаларини шакллантиришда, янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда ўта муҳим ўрин эгаллайди.
Айни пайтда Толибхон Абдужалилов бошчилигидаги “Пичоқчи” DRY FRUITS” кўп тармоқли фермер хўжалигининг уддабурон тадбиркорлари туманимизда янги лойиҳа - логистика марказини  барпо этишдек улкан ишларни амалга ошириш йўлида фаолият юритишмоқда.  Агар лойиҳа тўлиқ амалга ошса, 100 киши мавсумий, 50 киши доимий иш билан таъминланади.
Пичоқчилик тадбиркорлар ҳақида эса бизнинг ёзганларимиз ва эшитганларимиздан кўра ҳали уларнинг олдида турган орзу ва режалари янада улкан. Яқин келажакда уларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошираётган тадбиркорликлари туфайли Оқдарё заминидаги Пичоқчи қишлоғининг довруғи дунё бўйлаб танилса, ажаб эмас. Биз ҳам Толибхон Абдужалилов бошчилигидаги ёнғоқчилик кластерини ҳаётга жорий этмоқчи бўлган тадбиркорларнинг келгусидаги ишларига улкан ривож тилаб қоламиз.     

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Разработан в: SAKTRM