Оқдарё туманининг 2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори

O’zbekiston Respublikasi

Samarqand villoyat

XALQ DEPUTATLARI

OQDARYO TUMAN

KENGASHINING

Q A R O R I

Ўзбекистон Республикаси

Самарқанд вилоят

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ОҚДАРЁ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ

Қ А Р О Р И

 

2020 йил 20 феврал                                                                                                №2/23

 

Оқдарё туманининг 2020 йилги маҳаллий бюджетини

тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.12.2019 й., 03/19/589/4126-сон) ЎРҚ-589-сон Қонунига мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб Халқ депутатлари Кенгашларига маҳаллий бюджетларни бошқаришда эркинликлар берилиб, солиқлар ва йиғимлар бўйича ставкаларни белгилаш, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Мазкур Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, 2020 йил учун туманнинг маҳаллий бюджети лойихасини кўриб чиқиб Оқдарё туман Адлия бўлимининг 2020 йил 18 февралдаги №1-30/5-7/54-сон ҳуқуқий экспертиза хулосасига таяниб халқ депутатлари Оқдарё тумани Кенгаши

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2019 йил
    16 декабрдаги №419/68-сонли “Самарқанд вилоятининг 2020 йилги маҳаллий бюджети тўғрисида”ги қарори ижро учун қабул қилинсин.
  2. Мазкур қарорга асосан Оқдарё тумани бюджетига Самарқанд вилояти бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 17 440 514,0 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги, бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдори туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилганлиги;

туман маҳаллий бюджетининг айланма касса маблағи 1 080 654,0 минг (бир миллиард саксон миллион олти юз эллик тўрт) минг сўм миқдорда белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

  1. 2020 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
  • қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно;
  • юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ  реализация қилишдаги акциз солиғи;
  • айланмадан солиқ
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага бериш ва хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар;
  • айрим товарларнинг чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғим;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона йиғимларидан ташқари);
  • автотранспорт воситаларини харид қилганлик учун уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида автотранспорт эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар.

б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда туман маҳаллий бюджети ўртасида тақсимланади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) 45 фоиз миқдорда туман бюджетига;
  • фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) 35 фоиз миқдорда туман бюджетига.

Мобиль алоқа хизмати ва алкоголь махсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра туман аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Самарқанд вилояти Оқдарё тумани маҳаллий бюджети даромадларининг 2020 йилдаги асосий прогноз кўрсаткичлари
    1-иловага мувофиқ, 2020 йилги туман бюджетидан бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. 2020 йил учун туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 1 263 625,0 минг сўм миқдорида белгилансин.
  3. Туман ҳокимлиги:

- ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида молиявий ҳисоботларни ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;

- Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунининг
24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини Кенгашга киритилишини таъминласин;

- бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун туман Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин;

- Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

  1. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
  2. Мазкур қарор “Оқдарё овози” газетасида расмий эълон қилинсин, расмий эълон қилинганидан кейин бир кун ичида ҳокимликнинг расмий веб-сайти (http://oqdaryo_tuman_hokimligi.uz)га жойлаштирилсин.
  3. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ва туман ҳокими ўринбосарлари (А.Ҳайдаров, Б.Жўраев, Н.Тоғаев, Б.Аролов, М.Сайидмуродов) зиммасига юклатилсин.

 

 

Туман Кенгаши раиси                                                       Ф.Абилов

2015-2024 © Oqdaryo tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM