Оқдарё туман ҳокими Ф.Н.Абиловнинг Оқдарё туман аҳолисига МУРОЖААТНОМАСИ

       Оқдарё туман ҳокими Ф.Н.Абиловнинг Оқдарё туман аҳолисига МУРОЖААТНОМАСИ

      Бугунги кунда дунёнинг 160 дан зиёд давлатларида тарқалган коранавирус муаммоси бутун жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётганлигидан  барчангиз хабардорсиз.
    Афсуски ҳозирги вақтда ушбу касалликка чалинган беморларни мамлакатимизда ҳам  аниқланганлиги барчамизни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этиб, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда хавфли пандемияни тарқалиб кетишини олдини-олишга жиддий эътибор қаратишимиз  лозимлигини тақозо этади.
Бугунги кунда Оқдарё туманида коранавирус касаллигини тарқалишини олдини-олиш мақсадида малакали мутахассислар ва соҳага дахлдор бўлган мутасадди идоралар вакилларидан иборат штаб фаолияти йўлга қўйилган.Туман соғлиқни сақлаш бўлими, Санитария эпидемиологик осойишталик маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан коронавирус касаллиги ҳақида аҳоли ўртасида тарғибот -ташвиқот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. 
      Туман юқумли касалликлар бўлимида заҳира ўрин изоляторлари ташкил этилиб, туман тиббиёт бирлашмаси ва Санитария эпидемиологик осойишталик маркази билан биргаликда коронавирус касаллиги профилактикаси ва касаллик аникланганда зарур бўладиган жихоз ва тиббий анжом ускуналар ҳамда дори дармонлар харид килиниб, керакли миқдордаги заҳиралари яратилган. Бундан ташқари, касаллик таркалишини олдини-олиш учун барча муассасаларда гипохлорид ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.
      Ҳозирги вазиятда барча тумандошларимиздан мавжуд хатарларга тўғри ёндошган ҳолда барчамиз ҳушёрликка эътибор қаратиб шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишимиз талаб этилади. Бундан ташқари, Хорижий давлатлардан туманимизга қайтиб келаётган фуқароларимиздан соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан белгиланган меъёрлар асосида 14 кунлик тиббий кузатувда бўлишга алоҳида эътибор қаратишларини, касаллик аломатлари сезилганда эса зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилишлари лозимлигини сўраймиз.
      Азиз тумандошлар!
      Ўз вақтида қанчадан-қанча синовлар ва оғир кунларни бошидан кечирган халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, қанчалик қийин бўлмасин ушбу синовларни ҳам мардонавор енгиб ўтишига ишонамиз.
     Бугунги кунда тегишли масъуллар томонидан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нарх-навосини асосиз равишда ошиб кетишини олдини-олиш борасида тизимли назорат ўрнатилган бўлиб, ўз навбатида тадбиркорларимиз томонидан ҳам ушбу ҳатти ҳаракатларни тўғри баҳолаган ҳолда аҳоли учун етарли миқдордаги истемол товарларини етказиб бериш чоралари кўрилаяпти.
       Ҳурматли тумандошлар! 
       Сизлардан энг катта илтимосимиз шуки, карантин даврида фарзандаларингиз тарбиясига алоҳида эътибор қаратинг. Иложи борича уйингизда бўлишига ҳаракат қилинг. Ижтимоий тармоқлар орқали узатилаётган онлайн дарс машғулотлари ёрдамида фарзандингиз таълими билан шуғулланинг. Шунингдек, нуронийларимизни, кексаларимизни уйда асраб-авайланг. Ота-онангиз ҳамда фарзандларингиз учун кўпроқ вақт ажратинг.
      Азиз оқдарёликлар!
       Ўзининг ориятлилиги, камтар ва меҳнатсеварлиги билан аҳамиятга эга бўлган Оқдарё аҳолиси  саросимага тушмасдан атрофдагиларга ҳам хотиржамлик кайфиятини улашиб, сабр тоқат билан  бундай касалликларга  қарши курашишга қодир эканлигига ишонамиз.
 Шундай экан ҳар биримиз, шахсий масъулиятимизни оширган ҳолда тиббиёт ходимлари томонидан берилаётган тавсияларга қатъий амал қилган ҳолда ўзимиз ва яқин инсонларимизни асрашга масъуллигимизни унутмаслигимиз даркор.
        Барча тумандошларимизга тинчлик тотувлик, сабр-тоқат ва ушбу синовли кунларда мустаҳкам ирода тилаб қоламан.

      Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2020 © Оқдарё туман ҳокимлиги. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM